ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ 2024 йил 22 ноябрь, ПҚ-399-сон

By | Juma Dekabr 20th, 2024

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
ТЕАТРЛАРНИНГ ЖАМИЯТ МАДАНИЙ ҲАЁТИДАГИ АҲАМИЯТИНИ ОШИРИШ ВА УЛАР ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]

Мамлакатимизда театр санъатини янада ривожлантириш, театрлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳада ижодий ҳамкорлик ва эркинликни таъминлаш, спектаклларнинг бадиий савиясини оширишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бюджет маблағлари ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, соҳага жаҳон театр санъатининг илғор тажрибалари ва замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида:

1. 2025 — 2030 йилларда 1-иловага мувофиқ:
буюк тарихий шахсларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, уларнинг болалиги ва ёшлигини ифодаловчи миллий қаҳрамон образлари;
инсоннинг жамиятдаги ўрни ва қадр-қимматини тарғиб этувчи «Инсон қадри учун» эзгу ғояси асосида янги саҳна асарлари яратиб борилсин.
Белгилансинки:
театр жамоалари давлат буюртмаси асосида яратилган спектакллар билан режа асосида республика бўйлаб гастроль сафарларига юборилади;
театр санъатининг замонавий жанр ва йўналишларидаги спектаклларга ҳам давлат буюртмаси бериб борилади;
давлат театрларида вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг буюртмалари асосида уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан спектакллар саҳналаштирилади.
2. 2025 — 2028 йилларда давлат театрлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва модернизация қилишнинг манзилли дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда қуйидагилар инобатга олинади:
театрнинг йўналиши келиб чиққан ҳолда архитектура-режалаштириш, саҳна механизмлари, томоша залининг акустик талабларга жавоб бериши, замонавий рақамли ва дастурлаштирилган технологиялар билан жиҳозлаш ва ландшафт ечимларини қўллаш;
ташриф буюрувчилар, хусусан, имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, туристларга хизмат кўрсатишни ривожлантириш;
театрларнинг замонавий янги концепциялари, соҳага хорижий илғор тажрибаларни самарали қўллаш.
3. Театр санъатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 2025-2026 йилларда Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи асосида мюзикл яратсин, унинг тантанали премьерасини, алоҳида режа асосида мамлакатимиз ва жаҳон бўйлаб гастролларини ташкил этсин.
5. Театр санъатида ижодий ҳамкорликни ривожлантириш, драматурглар ва ёш режиссёрларни рағбатлантириш мақсадида:
драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Ўзбекистон Республикаси халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот таъсис этилсин, ушбу мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолиблари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирлансин;
режиссёр — драматург — композитор — рассом тамойили асосида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 2025 йилдан бошлаб ҳар йили август ойида «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси амалга оширилсин;
«Нигоҳ» ижодий лойиҳаси доирасида ҳамкорликда яратилган ва ижодий танлов асосида аниқланган энг яхши 5 та асарни ушбу лойиҳа гранти асосида театрларда саҳналаштириш ҳамда режиссёр, драматург, композитор, рассомларни моддий рағбатлантириб бориш амалиёти жорий қилинсин;
миллий академик мусиқа санъатини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида ҳар икки йилда миллий композиторлар танлови ўтказиб борилсин.
6. Театрлар билан таълим ташкилотларининг узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида:
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига мақсадли қабул квоталари театрлардаги кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олиб белгилансин;
касбий таълим ташкилотларининг сўнгги босқич ўқувчилари, учинчи ва тўртинчи босқич бакалавр ҳамда магистратура талабаларининг ҳафтада камида икки кун театрларда амалий машғулотлар ўташи йўлга қўйилсин;

ҳар йили давлат буюртмаси учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида мусиқий театр, драматик ва қўғирчоқ театри режиссёрлиги йўналиши бўйича битирувчиларининг бештагача энг яхши битирув малакавий ишлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 100 баробаригача миқдорда давлат буюртмаси бериб борилсин;
ҳар йили бештагача мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари белгиланган тартибда Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилсин.
Маданият вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда ушбу бандда белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминласин.
7. Театр санъати ҳамда театр танқидчилигида «устоз-шогирд» анъаналари ва маҳорат мактабларини ривожлантириш мақсадида театр санъатидаги истеъдодли ва юқори малакали ижодкорлар, театршунослар ва санъатшуносларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилсин.
Бунда:
маҳорат мактаблари ташкил этиладиган ижодкорлар рўйхати Маданият вазирлиги ҳайъати қарори билан тасдиқланади;
маҳорат мактабини яратган ижодкорлар белгиланган тартибда асосий иш жойининг (ташкилотининг) бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида маҳорат мактабларида ўқитиш самарадорлигини баҳолаш асосида қўшимча рағбатлантириб борилади;
маҳорат мактабларига уларни ташкил этган ижодкорлар фаолият юритадиган ташкилот объектларидан маҳорат дарсларини ўтиш учун жой ажратилади ва бошқа зарур шарт-шароитлар яратилади;
маҳорат мактаблари хорижий мутахассислар билан шартномалар асосида ҳам ташкил этилиши мумкин.
8. Болалар ва ўқувчи-талабаларнинг театр санъатига бўлган қизиқишини янада ошириш ва уларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида:
а) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан:
мактабгача таълим ташкилотларида болалар учун стол усти, бармоқ, қўлқопли ва қўғирчоқли кичик саҳна кўринишларини саҳналаштириш ҳамда болалар ижодий жамоалари фаолияти йўлга қўйилсин;
давлат умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб театр жамоалари ташкил этилсин ҳамда улар ўртасида «Турон» мактаб театри республика танлови ўтказиб борилсин;
«Баркамол авлод» болалар мактабларида «Тасаввур» қўғирчоқ театри тўгараклари ташкил этилсин;
б) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан олий таълим муассасаларида талабалар театр-студиялари фаолияти кенгайтирилсин ҳамда улар ўртасида театр-студиялар республика кўрик-фестивали ўтказиб борилсин.
Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган:
тадбирларнинг юқори босқичлари телетанлов ва теле-шоу шаклида ташкил этилади;
тадбирларнинг республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар тегишли равишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100, 70 ва 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда болалар ва ўқувчи-талабаларнинг ёши, қизиқишлари, таълим-тарбия олиши, ижодий ва интеллектуал ривожланишини инобатга олиб, 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 10 та пьеса яратиб, уларнинг электрон тўпламини тузсин.
9. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Театрлар фаолияти бўйича бадиий кенгаш тугатилиб, спектаклларнинг жанри ва мавзусини инобатга олган ҳолда ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари ташкил этилсин ва улар фаолиятига мутаносиб равишда ҳақ тўлаб борилсин.
Давлат театрларида бош режиссёр театр бадиий кенгашининг раҳбари ҳисоблансин (бундан бадиий раҳбар лавозими жорий этилган театрлар мустасно). Бош режиссёрнинг бадиий фаолиятига театр директорининг аралашувига йўл қўйилмайди.
10. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳузурида ушбу театрнинг амалдаги штат жадвали доирасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Театр режиссёрлари академияси ташкил этилсин.
Белгилансинки:
Театр режиссёрлари академияси Маданият вазирлигига тегишли бинолар, театр саҳналари, декорация ва бошқа жиҳозлардан ўқув мақсадларида бепул фойдаланиши мумкин;
Театр режиссёрлари академияси давлат буюртмаси асосидаги спектаклларни саҳналаштириш жараёнига ижодий кўмаклашади;

Театр режиссёрлари академиясида давлат театрлари режиссёрлари ҳар икки йилда, шу жумладан, янги тайинланган режиссёрлар ўз фаолиятини бошлашидан олдин камида икки ой давомида индивидуал дастур асосида амалий машғулотлардан ўтади, шунингдек, ушбу дастур доирасида янги жанр ва йўналишлардаги спектаклларни саҳналаштириш амалий тажрибадан ўтказилади. Театр режиссёрлари фақат Театр режиссёрлари академиясида малака оширади;
давлат театрларида бош режиссёрга нисбатан интизомий жазолар қўллаш Театр режиссёрлари академияси билан мажбурий тартибда келишган ҳолда амалга оширилади.
Маданият вазирлиги икки ой муддатда Театр режиссёрлари академияси фаолиятини ташкил этсин, шунингдек, келгусида унинг самарали фаолияти олиб боришига ҳар томонлама кўмаклашсин.
11. Театрлар фаолиятига таҳлилий баҳо бериш ва театр танқидчилигини рағбатлантириш мақсадида қуйидагилар жорий этилсин:
театршунослик ва санъатшунослик йўналиши докторантлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ҳар ойда камида иккита спектакль томоша қилиш ва ҳар чоракда камида бир маротаба янги спектакль кўриги ва муҳокамасида иштирок этиш;
ҳар бир театрга театр танқидчилари сифатида театршунос, санъатшунос, драматургларни жалб этиш;
театр танқидчилари ва драматурглари клубини ташкил этиш ҳамда ҳар чоракда камида бир маротаба бадиий танқид ва драматургияни ривожлантириш бўйича давра суҳбатлари, семинарлар ва омма эътиборида бўлган саҳна асарлари муҳокамасини ўтказиш.
Маданият вазирлиги икки ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган театр танқидчилигини рағбатлантириш тартибини белгиласин. Бунда ҳар бир янги асар бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида Маданият вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш назарда тутилсин.
12. Театрларда давлат буюртмаси асосида спектаклларни саҳналаштириш ҳамда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича саҳна асарларини яратишни рағбатлантириш мақсадида:
миллий мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг юқори бадиий-ғоявий савияга эга асарларини театрларда саҳналаштириш мақсадида инсценировка учун ҳар йили 10 тагача давлат буюртмаси бериб борилсин;
ҳар йили спектаклларни саҳналаштириш учун нодавлат театр ва театр-студияларга Маданият вазирлиги томонидан унинг ҳисоб-китобларига мувофиқ давлат буюртмасини бериб бориш йўлга қўйилсин;
2025 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича «Энг яхши пьесалар» танлови ташкил этилсин ва танловда ғолиб деб топилган 20 та энг яхши пьесалар театрларда саҳналаштирилиб, ҳар бир йўналиш бўйича танлов ғолибларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробаригача миқдорда бир марталик мукофот пули берилсин;
жаҳон драматургияси намуналаридан таржима қилинган асарлар бўйича ҳар йили «Энг яхши таржима саҳна асарлари» танлови жорий этилсин ва танлов ғолибларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробаригача миқдорда бир марталик мукофот пули берилсин;
2027 йил якунига қадар маданият ва санъат таълим муассасалари ўқувчи-талабалари учун таълим жараёнида фойдаланадиган 50 тагача хорижий адабиётларни давлат буюртмаси асосида ўзбек тилига таржима қилиш амалиёти жорий қилинсин;
2025 йилдан бошлаб, ҳар йили 25 нафар ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг хорижий давлатлар театрларида маҳоратини оширишни йўлга қўйиш тизими жорий қилинсин.
13. Белгилансинки, 2025 йилдан бошлаб, Ўзбекистон театр жамоаларининг миллий рейтинги тузилади ҳамда ҳар йили 27 март — Халқаро театр кунида эълон қилинади.
Бунда:
театр ходимлари миллий рейтингга, шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан белгиланадиган театрлар ижодий ходимларининг спектакль саҳналаштириш ва ижро этиш меъёрларига мувофиқ ҳолда рағбатлантирилади;
миллий рейтинг театрлар ва уларнинг ижодий ходимларининг фаолиятини баҳолаш ҳамда йил давомида намойиш этилган саҳна асарларига томошабинларнинг муносабатлари асосида шакллантирилади.
14. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг театрларга доимий ташрифларини назарда тутувчи «Театр — ибратхонадир» дастури амалга оширилсин. Белгилансинки, унинг доирасида:
спектаклларнинг чипталарига чегирмалар тақдим қилиш ва акциялар ўтказиш тавсия этилади;

«Маҳалла еттилиги» аъзолари билан биргаликда ҳар ойда маҳаллаларда «Театр куни» тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилади. Бунда ижодий учрашувлар ва театрлаштирилган композиция намойишлари ёки театрларга ташрифлар ташкил этилади;
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат театрларининг спектаклларига бепул киритилади.
15. Белгилаб қўйилсинки, театрга томошабинларни жалб этишни рағбатлантириш мақсадида 2025 йилдан бошлаб:
театрлар фаолияти, шу жумладан, уларда намойиш этилаётган асарларни реклама қилиш харажатларини молиялаштириш учун давлат буюртмаси асосида асарларни яратиш учун режалаштирилган бюджет маблағларининг 10 фоизигача миқдорда маблағ йўналтиришга;
чипталарни реализация қилишни аутсорсинг асосида амалга оширишга;
театрнинг асосий фаолиятига салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда савдо нуқталарини, пулли хизматлар кўрсатиш шохобчаларини, шу жумладан, реклама воситаларини жойлаштиришга, ташриф буюрувчилар учун «Саҳна ортига саёҳат» мавзусидаги экскурсияларни ташкил этишга;
театрлар брендини яратиш, фаолиятини тарғиб қилиш, маркетинг ва қўшимча пулли хизматларни йўлга қўйишда хусусий сектор хизматларидан фойдаланишга рухсат берилади.
Белгилансинки, давлат театрлари томонидан спектакль премьералари камида бир ой олдин эълон қилиб борилади.
16. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Маданият вазирлигининг театрлар фаолиятини оммалаштириш, уларга ташриф буюрувчиларни рағбатлантириш мақсадида Билет операциялари ягона электрон тизими орқали сотилган театр чипталари асосида совринли ўйинлар ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
17. Мамлакатимизда мусиқали театр санъатини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ҳамда бу соҳада эришаётган улкан ютуқлари учун Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига «Академик» мақоми берилсин.
18. Белгилансинки, 2026 йил якунига қадар Ўзбекистон давлат ёшлар театри фаолияти замонавий намунали театр сифатида ташкил этилади.
Бунда ушбу театрда жаҳоннинг нуфузли театрларидаги энг илғор тажрибалар асосида замонавий кўринишдаги спектакллар, томоша дастурларини намойиш этиш ҳамда уни театр технологиялари билан жиҳозлаш назарда тутилади.
Маданият вазирлиги Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда ушбу бандда белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминласин.
19. 2025 йил 1 январдан бошлаб 2026 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида Ўзбекистон давлат ёшлар театри ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига молиявий, ижодий ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилсин.
Бунда:
амалдаги умумий штат бирликларидан кўп бўлмаган миқдорда ва иш ҳақи фонди доирасида штат бирликлари сони ва лавозимлар ҳамда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш миқдорлари ушбу театрлар томонидан мустақил белгиланади;
ижодий жараёнларга маҳаллий ва хорижий юқори малакали ижодкор ва мутахассислар ушбу театрлар томонидан жалб этилади;
ушбу театрлар томонидан театрлар фаолияти билан боғлиқ давлат харидлари улар фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади;
театрлар директори, бадиий раҳбари, бош режиссёри фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) Маданият вазирлиги томонидан белгиланади;
штат лавозимларидан оқилона фойдаланиш ҳолатини ўрганиш, шунингдек, бадиий, бошқарув ва ёрдамчи ходимлар аттестациядан ўтказилиши мумкин.
Ушбу театрлар томонидан намойиш этиладиган спектакллари сони, томошабинларни жалб қилиш ҳамда маблағ ишлаб топиш режаси 2024 йилдаги кўрсаткичларни камида 20 фоизга оширилган ҳолда бажарилиши белгиланади.
Маданият вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ушбу бандда назарда тутилган масалалар бўйича театрларга амалий ёрдам кўрсатиб борсин.
20. Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил сентябрь ойига қадар Тошкент шаҳрида давлат театрлари учун декорациялар ва театр жиҳозларини сақлашга марказлаштирилган омбор биносини белгилаш, шунингдек, декорация ва либослар ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
21.Маданият вазирлиги ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган, театрларнинг фаолияти учун зарур бўлган мусиқа асбоб-ускуналари, техник жиҳозлар, декорациялар, чироқлар, грим маҳсулотлари ва бошқа ашёлар 2030 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилсин.
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
23. Маданият вазирлиги Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
давлат театрларининг бугунги замонавий ва тез ўзгариб бораётган замонда аҳолининг маданий эҳтиёжларини қаноатлантириш ва маънавиятини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамиятини чуқур таҳлил қилиб, ушбу мақсадлар учун ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни;
қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
24. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маданият вазири О.А. Назарбеков белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 22 ноябрь,
ПҚ-399-сон