ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ 2024 йил 22 ноябрь, ПҚ-400-сон

By | Juma Dekabr 20th, 2024

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ, АХБОРОТ-КУТУБХОНА ВА МУЗЕЙЛАР СОҲАСИДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРАЁТГАН ХОДИМЛАР ИШ ҲАҚИ МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА

Миллий маданиятимизни янада ривожлантириш, аҳолига маданий ва ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатиш, ноёб маданий бойликларимизни асраб-авайлаш ва оммалаштириш билан шуғулланиб келаётган театр, цирк, концерт-томоша ташкилотлари, маданият марказлари, кутубхона ва музейларда фаолият олиб бораётган ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Ушбу қарорга иловадагирўйхатга мувофиқ давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари 2025 йил 1 январдан бошлаб — 20 фоизга, 2025 йил 1 июлдан бошлаб — яна 15 фоизга оширилсин.
2. Тегишли вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ушбу қарорга иловада кўрсатилган давлат маданият муассасалари ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг иш самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизимини жорий қилсин.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилдан бошлаб мазкур қарорнинг 1-бандига асосан иш ҳақи миқдорлари оширилиши муносабати билан зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
4. Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 22 ноябрь,
ПҚ-400-сон