«Эртакчи бобо»га берилган мукофот

By | Chorshanba Iyun 24th, 2020

Анча йиллардан буён театрда бош режиссёр лавозимида фаолият юритиб келаётган Мурат Бегимовни Қорақалпоқ қўғирчоқ театрининг барпо бўлишида меҳнатлари беқиёс. Ижод инсонида  унинг қорақалпоқ театр маданиятининг ривожланишига кўшган ҳиссалари катта мақтовга лойиқ.

М.Бегимов 1957 йилда Қоракалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида таваллуд топган. Унинг театрга қизиқиши болалик даврларидан бошланган. Болалигида болалар боғчасига борган пайтларида боғчага “теневой кукольный театр” яъни кўланка ёрдамида спектакль намойиш қиладиган қўғирчоқ театр жамоаси ташриф буюриб, улар ижросидаги спектаклни қизикиб томоша қилган кунидан бошлаб  бўлғуси режиссёрнинг қалбида қўғирчок театр санъатига нисбатан қизиқиш дастлабки куртакларини ёза бошлаган эди. Мактаб пайтларида томоша қилган драматург Х.Хусайинов  саҳналаштирилган “Алдар кўса” спектакли М.Бегимов учун санъат остонасига қадам қўйишига яна бир туртки бўлди. Мактабни битиргандан кейин Нукус шаҳрида жойлашган Жапақ Шамуратов номидаги Театр ва санъат училищесининг “Хореография” бўлимида таҳсил олиб, 1976-йили ҳозирги  Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат академик мусиқали драма театрининг балет труппасига ишга жойлашади ва шу ерда илк ижодий қадамларини “Ҳүждан”, “Жаралы жүреклер” спектаклларида рол ижро этишдан бошлади.

Актёрлик сирларини мукаммал эгаллашни мақсад қилган М.Бегимов актёрлик санъати сирларини Мадрейим Матжанов, Халмурат Сапаров, Сапаргул Аўезова каби устозларидан ўрганган бўлса, Қуўатбай Абдирейимов, Нажиматдин Ансатбаев, Рейимбай Турениязов, Азат Шариповлардан режиссёрлик ва актёрлик санъатидан чуқур таълим олади. 1980-1981-йилларда қорақалпоқ телерадиокомпаниясида ассистент-режиссёр лавозимида иш бошлаган Мурат Бегимов устозлари Алпысбай Каюпов, Узакбай Жалимбетов, Базарбай Дагаров, Кенесбай Исаевлардан телевидение режиссёрлиги сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Ўша йиллари жажжи кичкинтойлар учун кўпгина қизиқарли кўрсатувлар тайёрлаб, кичик ёшдаги телетомошобинларга туҳфа этди.

Ўша пайтларда Нукус шаҳридаги Максим Горький номидаги мактабда ҳаваскорлар тўгараги иштирокчилари томонидан “Билмасвойнинг саргузаштлари” номли спектаклни томоша қилган бўлғуси ёш режиссёрнинг юрагида қўғирчоқ театр саньатига  бўлган қизиқиш уни шу соҳани тубдан ўрганиб, уни мукаммал эгаллашни ўз олдига мақсад қилиб қўйишга етаклади. Ва шу мақсад йўлида 1982-йили Тошкент шаҳрида жойлашган ўша пайтдаги Островский номидаги Театр ва рассомчилик институтининг “Қўғирчоқ театри актёрлиги” йўналишига ўқишга кирди ва 1986-йили ўқишни муваффақиятли тугатди.

Бу олийгоҳда Владимир Ёгелсин, Марат Тахуатдинов, Сайдова Бермет Макешовна каби устозларидан қўғирчоқ театр саньатидан чуқур таълим олди.Таълим даврида у нафақат қўғирчоқ актёрлиги, балки қўғирчоқларни ясаш ва ҳаракатлантириш сирларини мукаммал ўрганди. Бу соҳани тубдан эгаллашга енг шимариб киришган Мурат Бегимов  қозоқстонлик машҳур қўғирчоқ театр режиссёри Бекполат Пармановдан қўғирчоқ театр режиссёрлиги соҳасига оид кўпгина билимларни эгаллашга муяссар бўлди.

М.Бегимов 1986 йилда ҳозирги Қоракалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида актёр бўлиб фаолият юрита бошлади. Бу ердаги ижоди давомида у К.Каримовнинг “Олтин танга”  спектаклида бой ролини ва Чеповецкийнинг “Масхарабоз аканинг кулгуси” спектаклида масхарабоз ака ролини мукаммал даражада ижро этди. 1987-йилда М.Бегимов Нукус шаҳар Маданият бўлимида 7-маданият уйида директор лавозимида ишлади. 1995-1997  йиллари  Тошкент  давлат  Театр  ва  рассомчилик институтининг  “Қўғирчоқ  театри режиссёрлиги”  йуналишини  муваффақиятли  тугатган  Мурат  Бегимов  Қорақалпоқ  давлат  қўғирчоқ  театрида 1990-йилдан  буён  фаолият  юритиб  келмоқда.

2010-2014 йилларда  қорақалпоқ  давлат  телевидениесида  эфирга  узатилган   “Эртаклар  оламига  саёҳат” кўрсатуви  орқали  болажонларга  бир-биридан қизиқарли  эртакларни сўзлаб бериб, жажжи  телетомошабинларнинг  севимли «Эртакчи  бобо» сига айланиб улгурди.

М.Бегимовнинг муаллифлигида “Содиқ дўстлар”, “Тошбақа, Тошкана  ва Тулки”, “Ботир қуён”, “Сеҳрли  қўнғироқ”, “Бедана ва Тулки”, “Отамдан  қолган  мерос”, “Олтин буғдой”, “Чўпон бола”, “Совға”, “Оқ қўённинг ҳийлалари”, “Алдар кўса” (М.Бегимов инсценировка) ва бошқа кўпгина спектакллари  саҳналаштирилди. У нафақат ўзи ёзган пеъссаларни, балки бошқа миллат адабиёт вакилларининг асарларини ҳам  саҳналаштириб, ажойиб спектаклларга айлантирди. Жумладан Поливанованинг “Айиқнинг хушчақчақ болалари”, Г.Гуриевичнинг “Ғознинг полапони”, “Қўриқчи ва лайлакнинг полапони”, Хайтмат Расулнинг “Сеҳрли қўшиқ” каби спектаклларини  атаб ўтиш мумкин.

2005-йил М.Бегимов саҳналаштирган  П.Айтмуратовнинг «Отам айтган афсона» спектакли  Бухоро шаҳрида  ўтказилган   Қўғирчоқ  театрларнинг   VII-фестивалида «Энг  яхши  болалар  драматургияси” номинациясига муносиб деб топилди. 2009-йил П.Айтмуратов  билан биргаликда ёзган “Саҳродаги дўстлик” спектакли Ўзбекистон миқёсида ўтказилган  VIII  дастурий фестивалида энг долзарб   муоммаларни   кўрсатиб бергани  учун “Энг  долзарб  мавзу”  номинациясига мушарраф бўлди.

2018-йил Мурат Бегимов қорақалпоқ халқ достони  асосида  ёзилган «Қирқ қиз» спектаклини  саҳналаштирди ва Тошкент  шаҳрида  шу  йили  ўтказилган  Республика  қўғирчоқ  театрларининг анъанавий  XI кўрик  фестивалида  Қорақалпоқ  қўғирчоқ  театри  жамоаси  М. Бегимовнинг «Қирқ қиз» спектакли билан  иштирок  этиб,  ҳар  икки йилда  бир маротаба  ўтказиладиган   фестивалда  биринчи  бор  3-ўринни  эгаллаб, қорақалпоқ маданиятини қўғирчоқ образлари ёрдамида   жонлантирди.

Ҳозирги пайтда Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида бош режиссёр лавозимида фаолият юритиб келаётган  Мурат Бегимов ўз шогирдларига қўғирчоқ театр санъати, актёрлик ва режиссёрлик соҳаларида ўз билимларинии ўргатиб,  театр ижодий жамоасига устозлик қилиб келмоқда.

Мурат  Бегимов  болалик  пайтларини хотирлар экан, биринчи  устози  Филатова  Зоя  Дмитриевнани  фаҳр  билан  тилга  олади ва  бу  устози  ҳақида    «Менинг  юрагимда  китобни  севишга, китоб  мутоала килишга  нисбатан  меҳр-мухаббат  ўйғота  олган   биринчи инсон сифатида  муҳрланган”  дея  эсга  олади.

Сочларига  оқ  оралаган  ёши  улуғ  режиссёр  билан  ҳамсуҳбат бўлар эканман,  унинг  фикрларидан  ҳалиям  тиниб  тинчимас, изланувчан, ўша  орзулари  осмон каби  баландларга  парвоз  килган  ёш  режиссёрнинг  сиймосини  кўз  олдимга  гавдалантирдим.

“Режиссёр нафақат хореография, мусиқа, драматургия соҳаларидан хабардор  бўлиши,  балки  инсоннинг  ички  кечинмаларини  юз  ифодасидан  ҳис  қила  олиш  санъатига  эга  булиши  керак. Режиссёр  ҳар  бир  спектаклни  саҳналаштиришдан аввал янгидан янги  фикрларга  таянган  холда  чуқур  тайёргарлик  кўриши    керак.  У ҳамма  билан  баравар  ишлаб, ҳар бир актёрнинг  ички  кечинмаларини  тушуниши  ва  тушунтира  олиши  керак.  Режиссёр-тайёргарлик  жараёнида  ҳаммани  бир  мақсад  йўлида  бирлаштира оладиган  буюк етакчи бўлиши лозим. У санъаткорлик қобилияти жихатидан  ва  маънавий  фикрлаш борасида  актёрдан  бир  қадам  олдинда  юриши  керак.” – бу фикрлар Бегимов  Муратнинг  театрга бахшида  қилган  умри  давомидаги  хулосаларидан  бир чимдимгина…

Юртбошимиз  томонидан Мурат Бегимовнинг қорақалпоқ қўғирчоқ театрининг миллий маданиятини юксалтириш йўлидаги холисона меҳнатлари эътиборга олиниб,  2019 йил Мурат Бегимов  «Дўстлик»  ордени билан тақдирланди.

 

                                                                                     Замира Тулепова

                                      Қорақалпоқ  давлат қўғирчоқ  театр ходими

“Театр” адабий-бадий, ахборот-реклама журнали  2020-йил 2-сонида чоп этилди.