Қорақалпоқ маданиятини юксалтирган инсон А.Худайбергеновни эслаб

By | Dushanba Avgust 19th, 2019

1929 йили Чимбой туманида тўғилган Атағулла Худайбергенов 1948 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислиги факультетини тамомлаб, Ўзбекистон Илмлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида илмий ходим бўлиб иш бошлайди. 1950-1953 йилларда ўқитувчилик касбида фаолият юритади. 1953-1964 йиллар оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида директор лавозимида ишлайди. 1964-1970 йилларда Қорақалпоғистон нашриётининг директори, 1970-1973 йилларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ёнидаги Кинофикация  бошқарма бошлиғи, 1973-1986 йиллар оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири лавозимида ишлаб, қорақалпоқ халқининг миллий урф-одатлари, санъат билан бирга маданиятни кенг тарғиб қилиб, қорақалпоқ маданиятини энг юксак чўққиларга олиб чиқди. 1987 йилдан то умрининг охирига қадар Корақалпоғистон Республикаси Улкашунослик музейи директори лавозимида фаолият юритди. У маданият вазири вақтида қорақалпоқ санъатини кенг ривожлантириш билан бирга қўшни ва чет давлатларга ижодий сафарларни узлуксиз ташкиллаштириб турди. Тошкент, Москва, Татарстан, Башқурстан ва бошқа давлатларда маданият кунларини ўтказишда раҳбарлик қилди.

Умрининг оқирига қадар қорақалпоқ санъати ва маданияти, илм-таълим соҳаларининг юқори пағоналарга кўтарилишида беминнат хизмат қилган А.Худайбергеновнинг таваллуд топганига 90 йил тўлиши муносабати билан 2019 йил 19 август куни Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида А.Худайбергеновни эслаб хотира кечаси ўтказилди. Хотира кечаси сўнгида Қорақалпоғистон санъат ижодкорлари томонидан концерт дастури тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Хотира кечаси сўнгида А.Худайбергеновнинг яқинлари сўзга чиқиб, хотира кечасини ташкиллаштиришда яқиндан ёрдам кўрсатган Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, давлат театрларига ва бошқа барча санъат аҳлига миннатдорчиликларини билдирди.