ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИ ТАРИХ САХИФАЛАРИНИ ОЧМОҚДА
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида юртимизда яшовчи ҳар-бир инсонга куч-қувват бағишлаб, барча касблар қаторида маданият ва саънат соҳасига ҳам эътибор қаратилиб, уни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Президентимиз Олий Мажлис ва Қонунчилик палатасига бундан аввалги 2017 ва 2018-йилларда ўтказган Мурожаатномаларида ҳам ҳалқ манфаатларини кўзлаган ҳолда кўпгина таклифлар киритган эди. Шулардан, 2017-йилдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳақида гапирганида, аввало, маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситалари соҳасига тааллуқли 12 та муҳим ҳужжат қабул қилинганини қайд этиш лозим.
Юртимиздаги ижодий уюшмаларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, шунингдек, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида “Дўстлар клублари” ташкил этилганлигини атаб ўтиш жойиз.
Яна бир муҳим янгилик – Тошкент шаҳридаги Миллий боғ ҳудудида муҳташам Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси, Қорақалпоғистонда ва бир қатор вилоятларимизда улуғ адибларимизнинг номлари билан аталган ижод мактаблари барпо этилди. Шунингдек, Қўқон шаҳри, Хоразм ва Жиззах вилоят драма театрлари қайта реконструкция қилинди, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ташкил этилди.
Маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган ана шундай лойиҳалар ҳақида гапирганда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланганини алоҳида қайд этиш зарур. Шулар қаторида буюк алломаларимизнинг ёдгорлик мажмуалари қошида ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги, тасаввуф, калом ва ақида илми каби диний-маърифий йўналишларни ўрганиш бўйича махсус мактаблар ташкил этилди. Албатта, бизнинг бу ишларимиз чуқур илмий ва амалий асосларга эга.
Маълумки, қадимий маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади.
Жорий йилнинг Президентимиз томонидан “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили деб номланиши юртимизда илм-фанни ривожлантириш, ёшларни теран билимли, юқори маънавият ва маданият эгаси қилиб тарбиялашда янги иқтисодиётни ривожлантириш йўналишида ишларининг натижадорлигини янада ошириб, уни замонавий босқичма-босқич олиб чиқиш вазифаларини талаб қилади.
Шу қаторда хозирги вақтда жамиятимизда кенг тарқалган коррупция иллатига қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинган ҳолда, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим жорий қилиниши, жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича Парламент ва Президентга бўйсунадиган алоҳида давлат органини ташкил қилиш таклиф этилди.
«Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!»
Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак, -деб такидлайди мухтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев.
Мурожатномада барча соҳалар каби маданият ва саънатга эътибор қаратилиб, уни ҳар томонлама ривожлантириш юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, жорий йили давлат бюджети ҳисобидан 22 театр ва маданият объектларида янги қурилиш, реконструкция ишлари олиб борилади. Шунингдек, жорий йил иккинчи маротаба Шаҳрисабз шаҳрида Мақом маданият ва саънат фестивали, 2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб Махмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик санаси кенг нишонланади.
Бундан ташқари, Кинематография соҳасида бадиий жиҳатдан етук асарлар яратиш, замонавий киноиндустрияни ривожлантириш, жумладан, янги кинотеатрлар қуришни таъминлаш, жорий йилда давлат буюртмаси асосида киномаҳсулотларини ишлаб чиқаришни молиялаштиришни такомиллаштириш, шу боис кинематографияни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ва кинематография тўғрисидаги Қонунни биринчи марта ишлаб чиқиш лозимлигини такидлади. Буларнинг бари мухтарам Президентимизнинг юртимизда маданият ва саънат соҳасига бўлган эътиборидан дарак беради.
Президентимизнинг Мурожаатномаси нафақат Олий мажлисга, балки бутун халқимизга ва ҳар биримизга қаратилган чақириқ бўлади. Давлатимиз раҳбарининг белгилаб берган вазифалари кенг имкониятлар эшигини очади ҳамда ҳар биримизга ўзига хос масъулиятни юклайди.
Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри директори Махмутбай Айтниязов.