Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри саҳнасида “Қўрқит ота” спектаклининг премьераси ўтказилди.

By | Payshanba Oktyabr 8th, 2020

2020-йилнинг 6-октябрь куни Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилган “Қўрқит ота”спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Спектакль намойиши карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган шароитда ўтказилди.

“Қўрқит ота” спектакли театр бош режиссёри Мурод Бегимов қаламига мансуб бўлиб, муаллиф ўз асарини тарихий маълумотларга асосланган ҳолда яратган. Ўзининг қадимий  афсонасига эга  бўлган Қўрқит ота  бобомиз азал-азалдан жировларимиз томонидан тилга олиниб, келажак авлодлари бўлмиш бизга қадар етиб келган.

“Қўрқит ота” спектакли  театр бадий раҳбари саҳналаштирувчи режиссёр Қобланбек Қалилаев томонидан театр томошабинлари учун манзур бўладиган юксак даражада  саҳналаштирилган. Бу борада яна бир инсоннинг ҳиссаси мақтовга лойиқ бўлиб, спектаклнинг  чиройли декорациялар билан бенуқсон безатилиши ва қўғирчоқларнинг ажойиб кўринишларга эга бўлиши саҳналаштирувчи рассом Бухородан таклиф қилинган Завқиддин Ёдгоров ва театр рассомларининг машақатли меҳнатлари ҳосиласидир.

“Қўрқит ота” спектакли мазмун жиҳатдан салмоқли тарбиявий аҳамиятга эга спектакль сифатида яратилган. Спектаклнинг асосий қаҳрамони Қўрқит ота “қўбиз”  номли мусиқа асбобини  жийда дарахти танасидан ясаб, бу мусиқа асбоби ёрдамида  қалбларда ёвузликни йўқотиб, яхшиликга етакловчи куй-наволарни чалиб, табиатни ва инсониятни катта ҳалокатдан қутқариб қолишга ҳаракат қилади ва бунга эришади.

Тарих зарварақларидан маълум-ки, жировлик касби ота-боболаримиздан биз авлодларига мерос бўлиб келган. Жировлар қўбиз ёрдамида куй чалиб,   ҳалқимизнинг миллий бойлиги бўлмиш достонларни  бизнинг давримизгача баҳоли-қудрат етказиб келмоқда.   Шу бебаҳо достонларимизни келажак авлодга етказиб бериш-бизнинг бурчимиз ҳисобланади.